Пресс-релиз
Сан-Франциско кўрфазидаги ватандошлар Ўзбекистоннинг “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйларига ҳомийлик ёрдамини юбордилар.
Калифорния штатининг Сан-Франциско кўрфазида истиқомат қилувчи ватандошлар мамлакатимизнинг ногиронлиги бўлган болалар учун мўлжалланган “Мурувват” болалар интернат уйларига 33 дона “ASUS Chromebook” ноутбукларини тақдим қилдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, 23 дона “ASUS Chrombook” ноутбуклари “Сан-Франциско кўрфазидаги ўзбекистонликлар жамияти маркази” (Uzbek Community Center of San Francisco Bay Area) томонидан ҳомийлик ёрдами сифатида тақдим этилди.
Жамият раҳбари Суннатилло Муҳаммадиевнинг сўзларига кўра, соғлиғида жиддий муаммолар бўлган болалар кундалик ҳаётда ва ўқиш жараёнида қатор қийинчиликларни бошдан кечиради, ҳамда атрофдагиларнинг ҳар томонлама ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлишади. Сан-Францискодаги жамият фаоллари, имконияти чекланган болаларнинг таълим-тарбия масаласи нозиклигини инобатга олган ҳолда, ногирон болаларга мўлжалланган “Мурувват” интернат уйларининг моддий-техник базасини яхшилашга ўз ҳиссаларини қўшишга қарор қилдилар.
Шу билан бирга, Калифорния штатида ўз оиласи билан истиқомат қилиб, Калифорния университетида таҳсил олаётган талаба Нодирабегим Рахимходжаева ва Сан-Франциско кўрфазидаги “Summit Shasta” ўқув муассасаси талабаси Султонбек Рахимходжаев ўз маблағлари ҳисобидан “Мурувват” интернат уйлари тарбияланувчилари учун 10 дона “ASUS Chromebook” ноутбукларини тақдим этдилар.
Нодирабегим Рахимходжаеванинг таъкидлашича, кейинги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар гувоҳи бўлиб, у укаси Султонбек Рахимходжаев билан биргаликда имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишларда иштирок этишга қарор қилдилар.